“KITOB SAYYOH” TRAVEL COMPANY
«Китоб Сайёх» хусусий туристик компанияси Китоб шаҳрида жойлашган. Китоб Қашқадарё воҳасининг тоғли туманларидан бири бўлиб, маркази Китоб шаҳри. Уч томони осмонўпар тоғлар билан ўралган водий серсув дарёлари, серҳосил боғлари, қайнарбулоқлари, серунум тупроқлари билан машҳур. Энг муҳими, танти, меҳнаткаш, олижаноб инсонлари бор.
Китоб Қашқадарё воҳасининг Чироқчи, Шаҳрисабз туманлари, Самарқанд вилояти ҳамда Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлиб, майдони 1.8 минг квадрат километр. Денгиз сатҳидан 1788 метр баландликдаги Тахтиқорача довони республика жанубини шимолий вилоятлар билан боғлайди. Туманда 218 мингдан ортиқ аҳоли яшайди. Маркази Китоб шаҳри бўлиб, Қарши, Шаҳрисабз, Самарқанд шаҳарлари билан автомобил ва темир йўллари орқали боғланган.
Кўпчилик Китобнинг табиатини Швейцарияга қиёс этади. Ҳудуднинг шимолий ва шарқий чегаралари бўйлаб ястаниб ётган Зарафшон ва Ҳисор тоғлари Китобга салобат беради. Туман иқлими мўътадил бўлиб, ўртача ҳарорат январ ойида – 3, – 8 градус атрофида бўлса, июл ойида + 43 градусгача кўтарилади. Йилига ўртача 545 миллиметр ёғин тушади.
Туман ҳудудидан Қашқадарёнинг ирмоқлари – Аёқчисой, Оқсув, Жинни дарёлар оқиб ўтади. Тоғ ён бағирларида арча, бодом, дўлана, олма, тол, ёнғоқ, писта, заранг дарахтлари ўсади. Тоғларида тулки, бўри, чия бўри, бўрсиқ, айиқ, қобон, тоғ эчкиси, архар, турли хил судралиб юрувчилар, шунингдек, каклик, чил, булбул ва бошқа ҳайвону паррандалар яшайди.
Туман қадим тарихга эга бўлгани каби қадим маданиятга ҳам эгадир. Биргина Сарой, Минжир, Бугажил, Маллабоши қишлоқларидаги тепаликлар остидан топилган осори-атиқалар Китобда ҳунармандчилик азал – азалдан ривож топганини билдиради. Топилмалар орасида эрамиздан аввалги 1 асрга тааллуқли Будда ҳайкалчалари ниҳоятда қадрли бўлиб, улар Кушон подшолиги даврида буддизм динига хизмат қилган. Шунингдек, Ҳайробод қишлоғидаги Мунчоқтепадан топилган аёл ва эркак ҳайкалчалари эрамиздан олдинги IV – II асрларга тааллуқли деб тахмин қилинмоқда.
Бундан ташқари, бу қишлоқлардан Александр Македонский тангалари топилгани маданиятимиз тарихи нақадар қадимийлигини билдирса, Хоразмшоҳ, Қорахонийлар, Амир Темур, Амир Олимхон ва ҳатто XVI асрда Людовик даврида Германияда зарб этилган кумуш ва мис тангалар савдо – сотиқ ривожидан дарак беради.
Топилмалар орасида ҳайвон ҳайкалчалари, метал эритишда ишлатиладиган идишлар, турли кулолчилик буюмлари, тақинчоқлар ҳам бор.
Археологик қазишмалар пайтида топилган жуда кўп буюмлар сополдан ясалган. Бу туманда кулолчилик ўзининг қадим илдизларига эга бўлганидан далолат беради. Бир замонлар Сарой қишлоғининг соз тупроғи ва қишлоқдан оқиб ўтган Аёқчисой дарёси кулолчилик гузарига асос солган ва бу ерда аҳоли асосан идиш-товоқлар ясаш билан шуғулланган.
1970 – 1980 йилларда Китобда кулолчиликнинг ўзига хос мактаби яратилди.
Бугунги Китоб ёғоч ўймакорлик санъати билан ҳам донг таратди.
Халқ амалий безак санъатининг энг қадим ва кенг такрқалган тури каштачилик бўлиб, бу соҳада ҳам Китобда ўзига хос мактаб яратилган. Китоблик чеварлар турли хил кашталар ва дўппилар тикишда асосан ироқи усулидаги чоклардан фойдаланишади. Каштачилик ва дўппидўзлик мактаблари юзага келган.
Китоб тумани азал – азалдан ширин – шакар мевалари ва узумлари билан машҳурдир. Варганзанинг анорлари, Сумакнинг нашватилари, Паландаранинг олмалари, Қайнарнинг кишмишлари элнинг оғзига тушган. Бугунги кунда туманда боғдорчиликни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда.
Ўз тарихи, маданияти ва урф – одатларига эга бўлган, одамлари янгиликка интилган ҳар бир гўшанинг келажаги ҳам бўлади. Бугунги кунда Китоб туманига қараб кўз қувнайди.
Ушбу ҳудуд тоғлар билан ўралганлиги, табиати гўзал, суви соз, ўз қадимий тарихига эга бўлганлиги, шу билан бирга буюк соҳибқирон Амир Темур туғилган юрт бўлганлиги сабаб, “Китоб Сайёҳ” хусусий туристик компанияси тарихий туризм ва эко туризм йўналишлари бўйича хизмат кўрсатиб келмоқда.
Қадим ва бой тарихга эга бўлган Китоб туманида 6 та йирик зиёратгоҳ, 235 та маданий обида бор.
“Китоб Сайёх” туристик компанияси Китоб тумани бўйлаб қуйидаги йуналишлар бўйича сайёҳларга хизмат кўрсатади:
- Китоб – Қайнар
- Китоб – Аёқчи
- Китоб – Мирзо Улуғбек номидаги кенглик станцияси
- Китоб – Ҳазрати Башир
- Китоб – Хўжа Неъмати
- Китоб – Жовуз қўриқхонаси
- Китоб – Суқар (Моҳи Кеш)
- Китоб – Хўжаилмкони
- Китоб – Оқсув зиёратгоҳи (Ҳўжаиспароз)
- Китоб – Шаҳрисабз.
Сиз компания орқали 1.Транспорт, 2.Ётоқ, 3.Экскурсия, 4.Овқатланиш, 5.Таржимонлик хизматларини олишингиз мумкин.
Шу билан биргаликда, республиканинг турли шахарларига, жумладан Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Термиз, Нурота, Фарғона, Андижон, Наманган ва Тошкент шаҳарларига саёҳатларга жўнатади.
Франция, Голландия, Швейцария, Англия, Россия давлатларидан чет эл сайёҳларини қабул қилиб, Сингапур, Малайзия, Ҳиндистон, Туркия, Исроил, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой давлатларига сайёҳлар гуруҳини ҳам жўнатмоқда.