kitobsayyoh.uz

Sayyohlik agentligi

МИНГЧИНОР – Китоб тумани Тахтақорача довони қуйисидаги  дам олиш маскани. Маҳаллий аҳоли мингта (ёки кўпроқ) чинор дарахти ўсган жой деб шархлайди86. Мингбулоқ – ер...

МИНГЧИНОР – Китоб тумани Тахтақорача довони қуйисидаги  дам олиш маскани. Маҳаллий аҳоли мингта (ёки кўпроқ) чинор дарахти ўсган жой деб шархлайди86. Мингбулоқ – ер ости суви чиқадиган жой, булоқнинг  кўзи;  чинор-мингчинор –булоқ суви оқадиган жойдаги чинорзор. Китоб шаҳридан 16 километр шимолда, қайнарбулоқ  қишлоқ фуқаролар кенгашида жойлашган.

 1

 

Қайнар қишлоғи ва Тахтақорача довони

Китоб шаҳрида 11 километр шарқда Тахтақорача довони этагида Қайнар қишлоғи жойлашган. Бу қишлоқ Қайнарбулоқ қишлоқ фуқаролар йиғини  ҳудудида бўлиб, ушбу ҳудудда 13 та аҳоли пункти, 27 та ташкилот ва муассасалар, турли корхоналар, 5 та мактаб, 4 та мактабгача тарбия муассасалари, 2 та врачлик амбулаторияси, 4 та фельдшер-акушерлик давлат шифохоналари мавжуд. Аҳолиси 10516 кишидан ортиқроқни ташкил этади. Аҳолиси асосан ғалла, узум, сабзавотчилик билан шуғулланади. Айниқса, Қайнарда қуритиб тайёрланган сояки кўк кишмиш майизи машҳур. Николай подшо даврида, амирлик замонида Қайнар кўк майизи Лондон, Париж, Санк-Петербург сарой зодагонлари дастурхонларинибезаганлиги тарихий асарларда қайд этилади.

2

 

Қайнар токзорлари войиш қилиб кўтарилмасдан ер ток ҳолида ўстирилади. Бу эса узумнинг ширинлигини таъминлайди. Китобликлар орасида шундай ақида юради: “Қайнарнинг бир бош кишмишини тўлиқ есангиз, албатта бурнингиздан қон келади”. Бунинг маъноси шуки бу нав узум ширинлигининг ниҳоят даражада баландлигидан далолат.

Китоб шаҳридан шимолга томон Тахтақорача довонига катта ўзбек тракти олиб боради. Қайнар номи билан бир қанча қишлоқлар жойлашган. Улар олтита бўлиб, Жайрали, Қўрилиш, Совуқбулоқ, Қайнарбулоқ, Қонгли, Янги  қишлоқлар пасту – баланд жойлашган бўлиб, деярли яхлит бир – бирига туташиб кетган.

3

Барчаси бирдай Қайнар деб юритилувчи мазкур қишлоқларда 3152 нафар оила  695 хонадон истиқомат қилади. Ушбу манзилнинг Қайнар деб юритилишига сабаб, қайнаб чиқувчи зилол, шифобахш булоқларнинг кўплигидир. Бу булоқларни санаб поёнига етиш қийин: Роҳатбулоқ, Қўтирбулоқ, Хурмача булоқ, Галабулоқ, Сассиқ булоқ, Курбулоқ, Совуқбулоқ,  Замбуруғбулоқ, Девона булоқ, Чоршанбабулоқ ва ҳоказо. Бундай беҳисоб булоқлар сойларга бирлашиб, дарёга айланади ва Қайнар қишлоғининг қоқ ўртасидан кесиб ўтиб, суғориладиган майдонларга етиб боради. Қайнардаги аҳоли яшайдиган уй-хонадонлар шу дарёнинг ҳар иккала томонидан зинапоя шаклида жойлашган.

Булоқлар бошланиб, қишлоқ томон бўлган жойларгача қуюқ дарахтзорлар билан бурканган. Бу ўрмон сифат манзилларда асосан терак, зардоли, арча, гилос, олволи, ёнғоқ, тол, мажнунтол, олма, дулана, писта дарахтлари кичик – кичик ўрмонзорларни ташкил этади.

Тахтақорача довонида ҳозирги кунда кўплаб арчазорлар ташкил этилган. Минг афсуски, рус калонияси йилларида табиий минг йиллик арчазорлар кесиб юборилган. Чунки Китоб шаҳри Шанби қўрғонидан ҳозирги ўрнига кўчириб ўтказилганда арчазорлар қурилиш материаллари сифатида кесиб фойдаланилган. Шаҳардаги қадимий биноларнинг тагсинчлари ҳозирда ҳам арчадан ясалганлигига гувоҳ беради. Мана шу ташландиқ жойларнинг ўрнини тўлдириш мақсадида текислик ва очиқ тепаликларда тут плантатциялари экиб ташланган. Бу ҳақда Қарши Давлат университети доценти Баҳром Хўжақулов “Аччиқ қисматли арчазорлар” мақоласида: “Зарафшон тоғи билан Ҳисор тоғининг туташган жойи Тахтақорача довони бўлиб, бугунги кунда табиий арчазорлар кам учрайди. Нақл қилишларича, айни шу жойда катта арча ўрмонлари бўлиб, унда Искандар Зулқарнайн йўлбарс овлаган”, – деб ёзади. “Қашқадарё ҳақиқати” газетасида. Тоғлардаги арча ва бошқа дарахтзорларни кесиб юборилиши Қайнар, умуман Қашқадарё ўзанига қуюлувчи сув хажмини 2-3 маротаба камайтириб юборган. Арчазорларга оммавий равишда қирғин келтириш асосан 1910 йилдан кейин кучайган. Мавжуд кўп йиллик арча дарахларни қалам заводлари учун хом – ашё сифатида кесиб ишлатилган. Ушбу Тахтақорача довони тарихий жой бўлиб, 2-2,5 минг йиллик тарихни ўз ичига олади. Буюк Соҳибқирон Амир Темур ушбу довондан Кеш – Самарқанд оралиғида қатнаган. Темурийлар даврида жанубдан келган карвонлар шу довонда кутиб олиниб, карвон тин олиши учун қулай шароит яратилган. Ўшанда мавжуд бўлган бой работ ҳозирда йўқолиб кетган. Мирзо Улуғбек қўшини илк бор харифи-ўғли Абдуллатиф томонидан ҳудди шу довонда қопқонга туширилган. Алишер Навоий шу довондан ўтиб, “Хамса”да бу тоғ манзараларини Китвар шаҳри – мамлакати тимсолида таъриф қилган. Мирзо Бобур ўз мемуарларида довон ҳақида илиқ фикрлар ёзиб қолдирган.

4

Ҳозирги Қайнар қишлоғи Тахтақорача довони этагида Китоб туманининг сайёҳлар масканига айланган. Чунки унинг тоғлар бағрини ёриб оқиб чиқувчи булоқлари табиат мўъжизаларини эслатади. Биргина Қайнарбулоқни олиб кўрадиган бўлсангиз, у баланд тепалик – чўққи устидан отилиб чиқади. Ушбу булоқ суви шундоқ ёндан -20 метр пастдаги жарликдан оқиб чиқмаганига ҳайратланасиз. Қўтирбулоқ эса қишин-ёзин бир қамчин дастаси ҳажмида ер остидан тинмай сизиб чиққани – чиққан. Бу сув аҳоли томонидан қурилган цемент ҳовузга тўпланиб, пастга шошади. Ушбу булоқдан тери касалликлари билан оғриган кўплаб беморлар шифо топганлар. Шу сабабли сайёҳлар бу сувни турли идишларда узоқ мқсканларга ўзлари билан бирга олиб кетадилар.

Қўтирбулоқнинг шундоққина тепасида Қашқадарё вилоятини довондан ошувчи бешинчи дарвозаси жойлашган. Мазкур рамзий дарвоза Мустақиллик йилларида, аниқроғи 1994 йилда қурилган бўлиб, баландлиги 10 метр, эни эса 30 метр ҳажмидадир. Бу иншоот маҳаллий архитектура намунаси бўлиб, устилари оқ ва қора мармардан ишлаб чиқилган.

Катта бош трактнинг рамзий дарвозага қараб эски довондан оқиб келувчи сойда қурилган сув  ҳавзаси устидаги тўсиқдан ўтилгач, ўнг қўл томонга  “Минг чинор” ресторанида тайёрланадиган турли таомлар республикамизда машҳур. Айниқса, арча сихли кавказча кабоб, китобча угра (кесган ош), қобирға таомлари,  қизилча қовурдоғи мамлакатнинг ҳеч қаерида такрор учрамайди. Моҳир ошпазлар кесган угра соч толасидек нафис бўлади. Шунинг учун ҳам бу йўлдан барча юловчию сайёҳлар атайин ушбу таомлардан тановул қилмасдан ўз йулларида давом этмайдилар.

5

Ресторан ва оромгоҳ жойлашган манзил баҳаво баландлик бўлиб, қуюқ дарахтзорлар билан қопланган. Унга атрофидаги тор асфальт йўлдан ва пасту баланд зинапоялардан чиқиб борилади.

Қайнардаги юқорида санаб ўтилган катталар ва болалар  дам олиш оромгоҳлари, даволаниш масканларидан ўрин олган сеҳрли манзараларни тасвирлашга тил ожиз. Бу ерда 6 та болалар оромгоҳи, “Минг чинор”, “Минг булоқ” дам олиш ҳудудлари, асаб, сариқ касалликларини даволовчи оромгоҳлар бетакрор табиат қўйнида ажиб бир манзара касб этиб, Қайнар сойи ёқалаб бир текис жойлашган.

Қайнар ҳақиқатдан ҳам мўъжизакор жой. Кексаларнинг айтишича, Чироқчи туманининг Қалқама қишлоғидан бошланган ички тоғ йўли – ғордан тўй отари ҳайдалса, Қайнар қишлоғидан чиқиши мумкин дейилади. Афсуски, республикамиздаги кўп ғорлар сингари Китоб туманида жойлашган кўп сонли ғорлар сиру – синоати ҳануз тўлиқ  ўрганилиб чиқилмаган. Бобокалонимиз Амир Темурнинг 660 йиллиги муносабати билан Яккабоғ, Шаҳрисабз, Китоб ҳудудларидаги бу сингари тарихий ғор йўллари энди ўрганила бошлангани бизни қувонтиради албатта.

6

Туманнинг Қўрғон тоғидаги ғарб томондан бошланган “Томчи ота”, шарқ томондаги Қайнар қишлоғи устидаги “Етти қиз” ғори халқ орасида кўплаб ривоят ва афсоналарга бойлиги билан ажралиб туради. Эмишки, етти ҳур қиз беҳад зулмдан бош олиб, ўз остонасини тарк этаркан, қочиб шу ғорга яширинишибди. Она табиат мурувват кўрсатиб, ҳур қизларни ўз бағрига олибди. Душманни улар ёнига киргизмабди. Қизларнинг худодан қилган илтижоларига кўра улар шу ғор ичида тошга айланиб қолган эканлар.

Ҳақиқатдан ҳам сайёҳу саёҳатчилар ғорга киришса шунинг гувоҳи бўладиларки, тош қотган гўзал қизлар сийнасидан сизиб оқиб турган сув томчилари маржондек томиб туради.

Тахтақорача довони, Қайнар қишлоғи Китоб туманининг ҳақиқатдан ҳам мўъжизавий манзилларидан ҳисобланади. Бу маскан нафақат туманда, балки республикамизда энг гўзал ва жозибадор тарихий маконлардан бири саналади. Тахтақорача довони, Қайнар қишлоғи йилдан – йилга кўркамлашиб бормоқда.