kitobsayyoh.uz

Sayyohlik agentligi

Китоб – Ҳазрати Башир зиёратгоҳи йўналиши Ҳазрати Башир қишлоғи Китоб шаҳридан 30,5 километр шимолий шарқда Хабаш ва Кул тоғлари оралиғидан оқиб утувчи Қашқадарёнинг  соҳилида...

Китоб – Ҳазрати Башир зиёратгоҳи йўналиши

1Ҳазрати Башир қишлоғи Китоб шаҳридан 30,5 километр шимолий шарқда Хабаш ва Кул тоғлари оралиғидан оқиб утувчи Қашқадарёнинг  соҳилида жойлашган. Аҳолиси, асосан, анор, тамаки  етиштириб, чорвачилик билан шуғулланади. Шунингдек, доривор ўсимликлар  тайёрлайди.

Падаркуш – Ҳазрати Башир қишлоғининг ғарбий қисмида жойлашган тоғ бўлиб, у ерга Койни қишлоғигача асфальт йўл сўнг тупроқ йўл орқали 7 километрлар тоққа кўтарилиб борилади. У ерда 1449 йил 29 октябрда Мирзо Улуғбек ҳазратлари шаҳид этилган “Шоҳак” деган манзил мавжуд. Ушбу манзилнинг икки томони тор зовликлардан иборат бўлиб, йўл шу ердан иккига бўлиниб, бири Ютинсой орқали Ҳ.Баширга, йўлнинг давоми эса Қизилтўриқ орқали Самарқандга тушиб кетади.   

2Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир (1368 – 1464).   «Ҳазрати  Башир тарихи» китобида  Амир Темур  Кўрогонийнинг  пири Саид Бараканинг укалари Саид Неъматуллоҳнинг кароматлари, дуолари туфайли оламга келади, дейилади. Ҳазрати Баширнинг оталари Хўжа Хасан 90 ёшда, оналари Биби Малокат 80 ёшда бўлишларига қарамай, фарзандлари бўлмаган, деб кўрсатилади. Бола туғилгач ота – онаси унга Саид Аҳмад деб ном қўйишади. Оналари Биби Малокатдан сут келмагач, ёш Саид Аҳмад сутсиз вояга етади. Саид Аҳмаддан кейин оналари яна Саид Али ва Хожи Аҳмад исмли икки нафар фарзанд кўради.

Ҳазрати Башир салоҳият эгаси бўлиб етишгач, у кишининг таърифларини эшитиб, бир томони Миср, бир томони Мўғулистонгача бўлган мусулмон оламининг турли бурчакларидан кўпгина кишилар келиб, Ҳазрати Султон Саид Аҳмад Башир отага шогирд тушадилар.
«Мири Хақиқат» лақабига сазовор бўлган Саид Аҳмад Башир ота Ўрта Осиёда «Нақшбандия» таълимоти тарқалган бир замонда кўпроқ Хўжа Аҳмад Яссавий тариқатига ихлос қўйган бўладилар.
Ҳазрати Башир Ҳазрати Муҳаммад Саллоллоҳу алайху васалламнинг ҳижратларидан кейин 768 йилдан сўнг оламдан ўтадилар ва Башир қишлоғидаги Ниёзтепада дафн этиладилар. У кишининг қолдирган мерослари ва тариқатлари  ислом оламида катта қимматга ҳамда ўз ўрнига эга бўлиб қолди.   Ушбу зиёратгоҳ мустақилликдан кейин қурилишлар қилиниб, обод масканга  айлантирилди. Бу ерга ҳар йили минглаб кишилар келиб, Ҳазрати Баширнинг Ниёзтепадаги қабрларини зиёрат қилишади.