kitobsayyoh.uz

Sayyohlik agentligi

ШАҲРИСАБЗ ШАҲРИ

            Шаҳрисабз – Қашқадарё вилоятидаги шаҳар. Китоб – Шаҳрисабз воҳасида, Катта Ўзбекистон тракти ёқасида жойлашган. Шаҳрисабз жанубдан Танхоздарё, шимолдан Оқсув дарёси оқиб ўтади. Денгиз сатҳидан ўртача баландлиги 658 метр. Шаҳрисабз Ўзбекистондаги қадимий шаҳарлардан бири. Археологик маълумотларга кўра, шаҳарга мил.ав. 1 минг йилликнинг ўрталарида асос солинган. Шаҳрисабз милод бошларида ва илк ўрта асрларда турли номлар билан аталган: Кеш, Каш, Касс, Кисе. Дастлаб Кеш Китоб ўрнида бўлган, кейин IX-X асрларда Шаҳрисабз ҳудудига кўчган. XIII асрдан Шаҳрисабз номи урф бўлган. Шаҳарда илм-маърифат ривож топиши оқибатида “Коший, Кеший” тахаллуси билан машҳур олим-фозиллар етишиб чиққанлиги туфайли Кеш шаҳри “Қуббат ул-илм вал адаб”, яъни “илм ва таълим гумбази” деган сифат билан шуҳрат топган.

            Амир Темур ва Темурийлар даврида Шаҳрисабз улкан салтанатнинг йирик шаҳрига, барлос амир ва бекларининг ёзги қароргоҳига айлантирилган. Шаҳар атрофи қалъа девори билан ўраб олинган, Испания элчиси Клавихо ўз кундалигида Шаҳрисабзда кўплаб маҳобатли бинолар ва масжидлар борлигини ва яна қурилаётганлигини таъкидлайди. 1556 йилда Шаҳрисабзни Абдуллахон II эгаллаган. Кейинчалик Шаҳрисабз Бухоро хонлигининг Қарши вилояти таркибида бўлиб келган. Аштархонийлар даврида Шаҳрисабз сиёсий мавқеини анча йўқотган.

            Шаҳрисабз аҳолисининг асосий қисми савдо-сотиқ ва ҳунармандчилик билан шуғулланган. XVIII – XIX асрларда Шаҳрисабзда 6 та дарвоза, 7 та карвонсарой ва 6 та мадраса, бир нечта бозор, шаҳар ташқарисида Намозгоҳ масжиди бўлган. 1930-1940 йилларда Шаҳрисабздаги тарихий ёдгорликларнинг аҳволи ачинарли ҳолда бўлган, улардан омборхона, турар жой ва бошқалар мақсадларда фойдаланилган. Шаҳрисабз ва унинг тарихий маданий мероси атайлаб кенг доирада тарғиб қилинмаган.

            Мустақиллик йилларида Шаҳрисабз қиёфаси тубдан ўзгарди. Шаҳар маркази қайта қурилди. 1996 йилда шаҳар майдони 2460 гектарга кенгайган. Шаҳрисабздаги энг катта майдон – Амир Темур майдони. Унда Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали ўрнатилган (1996).

            Шаҳрисабз заминида бир қанча олим ва уламолар, шоирлар вояга етган, жумладан, Абу Муҳаммад Кеший, Абу Жаъфар Кеший, Абул Фазоли Кеший, Шамсуддин Кулол (Амир Темурнинг пири) ва бошқалар. Ҳозирги кунда Шаҳрисабзда 20 га яқин тарихий меъморий ёдгорликлар сақланиб қолган. Темурийлар даврида қурилган Оқсарой қасрининг пештоқ девори, Дор ус-Саодат ва Дор ут-Тиловат мажмуалари, Кўк Гумбаз масжиди, Гумбази Сайидон, Шамсуддин Кулол мақбараси, Жаҳонгир мақбараси, Ҳазрати Имом масжиди, шунингдек, Чорсу бозори (XVI аср), Чубин мадрасаси (XVI аср), Абдушукур Оғалиқ (XIX аср), Эшонпир (XIX аср), Кундузак масжидлари каби меъморий обидалар сақланиб қолган.

            1996 йил октябрда Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан Шаҳрисабз шаҳри “Амир Темур ордени” билан мукофотланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2002 йил 29 мартда Шаҳрисабзнинг 2700 йиллик юбилейини нишонлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу юбилей кенг нишонланди, унда ЮНЕСКО вакиллари ҳам қатнашишди. Шаҳрисабз Жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган (2002 й).

ОҚСАРОЙ

            Оқсарой – Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик. Амир Темур қурдирган (1380-1404). Шаҳарнинг шимоли-шарқидаги бош майдонда жойлашган. Бир замонлар муҳташам, хашаматли бўлган бу саройнинг бизгача емирилиб, ҳароба ҳолга келган улкан пештоғи, икки чеккасидаги минораси, сарой пойдеворининг бир қисмигина сақланган. Оқсаройнинг ҳозирги кўриниши ҳам салобатли ва гўзалдир. Пештоқ равоғининг эни 22,5 метр, баландлиги 40 метр, умумий баландлиги 50 метрдан ошади. Пештоқ минораси ичидаги айланма зина орқали юқорига чиқилган. Оқсаройнинг аввалги ҳолати тўғрисида фақат ёзма манбаларга қараб фикр юритиш мумкин. Унга кўра, Оқсарой турар жой ва жамоат биноси сифатида қурилиб, хоналар ҳовли атрофида жойлашган. Бобур маълумотларига кўра, ҳовли ўртасида ҳовуз, тўрида гумбазли катта хона – девонхона, ёнларида маслаҳатчилар учун кичик хона, ҳашаматли равоқли бостирмалар, ички томонида ҳарам ва амирнинг хонаси жойлашган. Девонхона пештоғида арслон ва қуёш тасвири ва Темур давлатининг уч ҳалқа шаклидаги нишони бўлган. Оқсарой деворларидаги ранглар жилоси, тарихий, фалсафий ва диний мавзудаги, куфий, сулс ёзувлари, кошинкори безаклар,  нақшларнинг ўзаро уйғунлиги бинога ажойиб ва сеҳрли мазмун бағишлаган. Рангларнинг ой ёруғида жилоланиб оқариб кўринишидан бино “Оқсарой” деб номланган. Саройнинг ўзига хос хусусиятларидан бири-том тепасига ишланган ҳовуздир. Ҳовузга сув Тахтақорача довонидан қўрғошин қувурлар орқали оқиб келиб, ундан шаршара ҳосил қилиб,  пастга туширилган. Оқсарой мустақиллик даврида қисман таъмирланди ва атрофи ободонлаштирилди.

ШАМСУДДИН КУЛОЛ МАҚБАРАСИ

            Шамсуддин Кулол мақбараси – шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик бўлиб (XV аср), Амир Темурнинг отаси Амир Тарағайнинг пири Шамсуддин Кулол қабри устига қурилган. Гўрхонанинг тарҳи тўртбурчак (12,1х10,6 м), пишиқ ғиштдан қурилган, тўрдаги девори равоқли токлардан иборат. Уймакори эшиги майда гулли. Нақши ва куфий ёзувида ёзилган. Мақбаранинг қиррадор гумбази XX аср бошларида бузилган, ўрни бир устунли текис том билан таъмирланган. Шамсуддин Кулол мақбараси Амир Темур даврида шаклланган янги меъморий услубнинг илк намунаси ҳисобланади. Айниқса, бино ичидаги гумбаз ости тузилмаси – ўзаро кесишган равоқлар ва улар орасидаги қалқонсимон безаклар меъморий услубга муҳим таъсир кўрсатган.

КЎК ГУМБАЗ МАСЖИДИ

            Кўк гумбаз масжиди – Улуғбек Мирзо отаси Шоҳрух Мирзо номидан қурдирган (1434-1435 й). Пештоқ равоғида уларнинг номлари ва қурилиш вақти битилган тарихий ёзувлар сақланган. Кўк гумбаз масжиди Дор ут-Тиловат ансамбли таркибидаги асосий жомеъ масжид. Кўк кошин билан қопланган гумбази пештоғининг ўнг ва чап томонидаги устунлари, болохонаси бузилиб кетган. Бинога шарқдан пештоқ орқали кирилади. Пештоғида сержило ҳандасавий безаклар кўп ишлатилган. Хонақоҳ (12,7х12,7 м) ташқи пойгумбазида сиркор мовий, кўк ва оқ рангли безаклар орасига Қуръон оятлари битилган. Ички қисмидаги 8 та майда равоқчалар ромб шаклидаги қалқонсимон белбоғлар билан ўзаро бирлаштирилган ва равоқ шаклидаги 16 таянчиққа таянтирилган. Ғиштин девор бурчакларида 4 та айланма зина орқали айвон томига чиқилган. Айвоннинг ён томонларига кенг равоқ орқали ўтилган. Кўк гумбаз масжиди Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан (1995-1996 й) қайта таъмирланган.

ДОР УС-САОДАТ

            Дор ус-саодат (Саййидлар уйи) – Амир Темур томонидан қурдирилган (1379-1380й) Шаҳрисабздаги меъморий ёдгорлик. Фарзанди Жаҳонгир Мирзо мақбараси (Ҳазрати Имом мақбараси) ва Амир Темурга мўлжалланган ер ости гўрхонаси сақланиб қолган. Дор ут-Тиловат билан бир ансамблни ташкил қилган. Дор ус-Саодат лойиҳаси Яссавий мажмуасига ўхшаш, асосий ғарбий равоғи 20 метр кенгликда бўлиб, кириш йўли саройга, ундан қоқ ўртадаги Амир Темурга мўлжалланган ер ости сағанаси жойлашган бинога олиб боради. Жаҳонгир мақбараси Ҳазрати Имом мақбараси номи билан машҳур. Ислом дунёсида йирик олим ҳисобланган Эронда вафот этган куфалик Имом Муҳаммад ибн ал-Ҳасан ибн Воҳид Абу Абдуллоҳ Шайбоний хоки Амир Темур томонидан Шаҳрисабзга кўчирилган (1384 й) деган ривоят бор. 1868-1869 йилларда ўрнатилган мақбара эшигида Ҳазрати Имом номи ўйиб ёзилган. Мақбара ичкариси мурабба тарҳли, юза равоқлар ичи ва гумбаз ости белбоғлари муқарнас билан тўлдирилган. Ташқарисида 16 қиррали пойгумбаз устига баланд кулоқий гумбаз ўрнатилган. Бу меъморий услуб Хоразм меъморчилигига хос.

            Умумий ўлчамлари: Дор ус-Саодат – 70х50 м, Жаҳонгир мақбараси – 25х15 м, Амир Темур гўрхонаси – 5х5 м, масжид – 35х20 м. 1995 – 1996 йилларда Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш арафасида ушбу мажмуа қайта таъмирланди ва атрофи ободонлаштирилди.

ДОР УТ-ТИЛОВАТ

            Дор ут-Тиловат (Қуръон ўқиладиган, тиловат қилинадиган жой) – Шаҳрисабз марказида Дор ус-Саодат мажмуаси ғарбида темурийлар хонадонига мансуб қадимий иншоатлар – Шамсуддин Кулол мақбараси, Гумбази Саййидон ва Мадраса ўрнида барпо этилган, Кўк гумбаз масжидидан иборат мажмуа жойлашган. Амир Темур томонидан барпо этилган мақбара 1370 йилда вафот этган пири Шайх Шамсуддин Кулол, кейинчалик пойига отаси Амир Тарағайнинг хоки келтирилган. Мақбара қурилиши Улуғбек даврида ниҳоясига етган. Унинг қаршисида масжид, жанубда яна бир мақбара қад кўтарган. Ҳовли томонга қаратиб қурилган масжид, мақбаралар ва Дор ут-Тиловат мадрасасининг дарсхонаси, ҳужралари бузилиб, ўрнини кейинчалик қурилган қўшимча хоналар эгаллаган. Дор ут-Тиловат мажмуасида XVIII-XIX асрларда қурилган бинолар ҳам бор, бироқ уларни бадиий жиҳатдан Амир Темур ва Улуғбек даври меъморчилиги билан қиёс қилиб бўлмайди. 1994 – 1996 йилларда олиб борилган археологик тадқиқотлар асосида жомеъ масжидининг икки тарафидаги ғиштин равоқли айвон қолдиқлари, Мадраса, дарвозахона ва миноранинг пойдевор қолдиқлари аниқланди. Мажмуанинг тарихий шаклини тиклаш мақсадида масжид айвонлари, мадрасанинг бир қисми, минора тикланди. Кўк гумбаз ва Гумбази Саййидонлар ҳам таъмирланди.